Адабиёт бор экан, китобхон ҳамиша Айтматов асарларини ўқишга ўзида еҳтиёж сезаверади. "Туркий дунё вакиллари ичидан Алишер Навоийдан кейин беш юз йил ўтиб, фақат Айтматовгина адабиёт чўққисига кўтарила олди", деб ёзган қирғиз адабиётшуноси Рустам Раҳманалиев ҳам шу жиҳатни назарда тутган бўлса, ажабмас.
Халқининг қадрият ва анъаналарига содиқ ёзувчи бу жиҳатларни адабиётга, ўз асарларига олиб кирди. Ва қирғиз халқининг мард, танти одамларини дунёга танитди.
Адиб бир қанча мавзуни бир вақтнинг ўзида асарларининг бош мавзусига айлантиролган юксак истеъдод соҳибидир. Муҳаббат, инсон қадри, меҳр, одамзотни улуғловчи фазилатлар Айтматов ижодининг гултожидир. Ўзи кўрган, билган, бошидан кечирган, қалбини ўртаган ҳодисаларни жонли манзараларда китобхонга ҳавола этиш ва унинг муҳаббатини қозониш осон бўлмагани ҳолда бу шараф Айтматовга насиб этди.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган китобга атрофидаги воқеа- ҳодисалар, инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаган ва шу мавзуларни ёзганларида жон куярлик билан акс эттирган Чингиз Айтматовнинг ҳикоялари жамланди. Уларни айнан мактаб ўқувчиларига тақдим этишдан муродимиз фарзандларимиз ҳам халқига, Ватанига садоқатли бўлсинлар, миллатини дунёга танитсинлар.
Китоб ҳақида маълумотлар:
Чоп этилган нашриёти: "Янги Аср Авлоди"
Чоп этилган йили: 2019
Муқоваси: Юмшоқ
Бетлари сони: 144