Ҳаммамизга юборилган мактуб
Журналистиканинг энг биринчи шартларидан бири ҳозиржавоблик, ҳаёт билан тенгма тенг қадам ташлаш, давр саволларига жавоб бериш. Мени Жасур Ҳамроев билан таништирган, Жасур Ҳамроевни ҳурмат қилишимга асос бўлган туйғу – Жасур давр янгиликларини биринчилардан бўлиб матбуотда ёритар эди. “Даракчи” газетасини оммалаштирган, халқ ичига олиб кирган, одамларнинг меҳрини қозонишига сабаб бўлган ижодкорларнинг энг биринчиларидан бири, шубҳасиз, Жасур Ҳамроевдир. Унинг ўша даврда ёзган ҳар бир мақоласи катта шов шувларга ўзак бўлар эди.
Кейин у, ўша давр учун катта янгилик бўлган, шоу бизнеснинг янги даврига эшик очган сайтлардан бири www.shov-shuv.uz сайтига асос солди ва матбуотнинг етмиш йиллик қолипларидан чиқиб, янги йўналишларида ижод қила бошлади. Унинг ҳар бир мақоласи ёшлар орасида катта шов шувларга сабаб бўлар эди. Мен, ўша пайтлардаёқ унга, “номер бир журналистсиз” деган эдим, ҳатто буни ёзиб ҳам чиққандим. Буни айтишимга сабаб, Жасур Ҳамроев тўхтовсиз изланар, доимо янги фикрлар, янги ғоялар, янги лойиҳалар билан матбуотимизда биринчилардан қадам ташлар эди.
Шуни ҳам айтиш керакки, Жасур Ҳамроев ўз билим, изланишлари доирасида фақат матбуот билан чегараланиб қолгани йўқ. У, кейинчалик Деҳлидаги IIMCда, Давлат ва Жамият қурилиши академиясида таҳсил олди, доимо ўз дунёқарашини бойитиб борди. Мана шу илмлар уни, халқаро журналист сифатида шаклланишига ёрдам берди. У, АҚШ, Англия, Франция, Саудия Арабистони, БАА, Германия, Италия, Россия, Озорбайжон, Грузия, Эквадор, Куба, Малайзия, Сингапур, Португалия, Иордания, Туркия, Миср, Ирландия, Испания, Ҳиндистон, Хитой, Япония, хуллас Ер шарининг деярли ҳамма давлатларидан мақолалар тайёрлаб ўзбек матбуотини бойитиб борди, ва матбуотимиздаги жуда кўп ижодкорларга ҳақиқий журналист қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйди.
Мана, қўлимда Жасур Ҳамроевнинг “Қалб уйғониши” китоби турибди. Жасур мени яна бир бора ҳайратга солди. Қаршимда, доимо шоу бизнесдаги шов шувлар, ғала ғовурлар, халқаро аэропортлар, концертлар, тақдимотлар, конкурслар, хонандаларнинг аёвсиз тортишувларининг қоқ ўртасида юрувчи Жасур Ҳамроев эмас, балки узлатга чекинган, қалбини ягона Оллоҳга очган, юзини қиблага буриб, юрагининг туб тубидаги яширин сирларини қоғозга туширган, уни доимо бошқариб турган иймон отлиғ буюк жавҳарни нақадар мўъжизакор эканлигини бизга ошкор этаётган Жасур Ҳамроевни кўриб, лол қолдим. Бу китоб, Жасур Ҳамроевни буюк қалб эгаси эканлигининг яққол далилидир. Бу китобда, уни доимо олдинга етаклаган, уни чўкишдан, тўхтаб қолишдан, ортда қолиб кетишдан асраб келган куч, у мустаҳкам иймонга, кучли эътиқодга эга эканлигини яққол кўрсатиб берган ижод намуналари жамлангандир. Жасурнинг ҳар бир қатраси, бу шунчаки ижод намунаси эмас, балки ҳаёт тажрибаси, кечинмалари, мулоҳазаси, изтироби, дарду аламларининг, фиғонларининг тимсолларидир. Бутун инсониятга ҳайқириғи, қалбининг фарёдларидир. Мен, барчага ушбу китобни ўқишни тавсия қилган бўлар эдим. Жасурни эса, ушбу китоби билан муборакбод этаман. Китоб – мактуб. Ҳаммамизга юборилган мактуб !
Муҳаммад Исмоил,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
1-декабрдан бошлаб етказиб берилади!