Дориан Грей ким ўзи?
Ўтган асрда китобхонлар уни адолатли жазога тортилган, васвасага берилган гуноҳкор деб эътироф этдилар.
Бугунги кун ўқувчиси эса Дориан Грейни бутун борлиғини, қалбини, руҳини абадий ёшлик учун қурбон қилган такаббур, айни пайтда ночор ва заиф қаҳрамон сифатида танидилар.
Киборлар оиласида дунёга келган, онамерос ҳусни таважжуҳ эгаси бўлган Дориан бахтли-саодатли яшаши учун етарлича имкониятга эга бўлгани ҳолда тақдирнинг бешафқат ҳукми билан юзма-юз келди.
«Гўзал нарсанинг ортида ҳамиша бирон бир фожиа яшириниб ётади. Энг камсуқум, энг арзимас бир гулнинг гуллаши учун ҳам дунёлар тўлғоқ азобини бошдан кечирмоқлари зарур», дейди асар қаҳрамонларидан бири.
Дарҳақиқат, Дориан Грейнинг гўзал сиймоси ортида ҳам улкан фожиа яширинади: қалб ўлади, руҳ мангу йўқолади. Ифлос ишратхоналар, давомий маишатлар, ўғрилик, жамиятдаги қаланғи-қасанғиларнинг қабиҳлиги энди унинг хаёлида гўзалликка, бундай разолатлар эса доимий эҳтиёжга айланади.
Оскар Уайльд адабиётга ана шундай мураккаб табиатли қаҳрамон тимсолини олиб кирди ва у орқали инсон хоҳиш-истакларининг чегарасини, ҳаётий мувозанатнинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келишини юксак бадиий маҳорат билан кўрсатиб берди. Ва асар миллионлар қалбини забт этди, Дориан Грей образи эса китобхон қайд дафтарига битилди.