Аёлларнинг маҳзун қисматига кўпинча уларга яқин эркаклар сабабчи бўлиб қолади. Баъзан билиб, баъзан билмай...
Турк ёзувчиси Ўрхон Камол қаламига мансуб – турмуш ўртоғининг қалтис қарори сабаб умри хазон бўлган бир аёл кечмишлари ифодаланган “Денгизга ўзини ташлаган она”(El kizi) романи воқеалари китобхоннинг қалбини ларзага солади. Оддий тилда, тушунарли баёнда ифода этилган ушбу роман бир нафасда ўқилади.
Мутолаага киришаётиб, воқеалар ривожи ёш ва масъума келин Нозан ва эътиборли адвокат Мазҳарбейнинг бахтли турмуши асосида қурилар экан, дея фикр қилганингиз он бу оиланинг фожиали тарихи бошланади.
Эри томонидан кўчага ҳайдалган аёл балоларнинг турли кўю кўчаларида сарсон ва саросар кезади.
Асар мутолааси ўқувчи учун қайғули, бироқ муҳим ва керакли ҳам...
Она ва боланинг жуда-жуда кеч юз берган учрашуви, фарзанди шаънини асраб қолиш учун имкони ва илкида бори – жонини фидо қилган бахтиқаро она қисмати дилингизни ўртамай қўймайди.
Асарнинг охирги саҳифаси остидаги Тамом езувига кўзингиз тушар экан, чуқур тин оласиз, бир аёлнинг топталган умри учун алам ва ачинишга қоришиқ ҳисларни туясиз, кўз ёшларингиз бўғзингизни куйдиради. Айни дамда тафаккур киласиз...
Ва қиз болага ўз шаънини ҳимоя қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таниш, иродали бўлиш даражасида таълим хамда тарбия бериш ҳар бир давр учун актуал масала бўлиб қолажагига амин бўласиз.