"Рост билан ёлғоннинг ўртаси - тўрт энлик", деган гап бор. Қизиқ, нега энди оз эмас, кўп эмас, тўрт энлик ? Гап шундаки, кўз билан қулоқнинг ораси - тўрт энлик экан . Эшитганингга эмас,кўрганингга ишон... Мақсад - шу. Бу китобдаги кўп одамларни ўзим кўрганман. Кўплари билан гаплашганман. Баъзиларининг ўзи билан, баъзиларининг... руҳи билан... Баъзилари нимани гапирган бўлса, шуни қоғозга туширдим. Баъзилари нима гапирганини эмас, нима ўйлаганини ёзишга мажбур бўлдим. (Начора, ҳамма рост гапиравермайди. Аммо ёлғон гапираётган одам ҳам ичида, барибир ростини ўйлайди.) Хуллас, бу савдолар кўп йиллар давомида кўп кишиларнинг бошидан кечган. Улар устидан ҳукм чиқариш - сизларга ҳавола... Тилимнинг учида турган яна бир андишани айтмасам бўлмайди. Эҳтимол, сиз бу китобда фожиа кўпайиброқ кетмадимикан, деган хаёлга борарсиз. Начора, аввало, ҳаёт- нуқул байрамдан иборат эмас. Уруш эса ўйин эмас. Иккинчи жаҳон уруши эллик миллион одамнинг уволига қолди. Шундан бир ярим миллиони бизнинг ўзбеклар эди. Энг азиз, энг асл кишиларимиз. Қолаверса, уруш фақат окопдаги жангчиларнинг жонига чанг солиб қолмади. Минглаб чақирим наридаги одамларни ҳам синовдан ўтказди. Негаки, биз бир хонадон аъзоларимиз. Мушкул дамларда имонини, инсонлигини сақлаб қолган ота-оналаримиз, ака-опаларимизнинг ҳаёти бугунги замонда бизга ўрнак бўлса не ажаб !
Эътиборингизга ҳавола этилаётган мазкур китоб Ўткир Ҳошимов асарлари ичида қамрови, ўқувчи қалбига яқинлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Унда адиб қарийб қирқ йиллик даврни ўз ичига олган, бир қанча чигал ва мураккаб тақдирлар мисолида ўз халқининг уруш даврида бошдан кечирган ҳаёти, қисмати ҳақида маҳорат билан қалам тебратган.
Замон ва давр қандай шароитда кечишидан қатъи назар инсоний қадр-қиммат тушунчаларини сақлаб қолган, тақдирини эл-юрти, халқи, ватани тақдири билан боғлаган, фарзандидан айрилгаинида ҳам қалбига қувонч бахш этиши мумкин бўлган бошқа сабабни ўзи учун ярата олган, ҳаётини севги-муҳаббат туйғулари билан безамоқчи бўлгани ҳолда уруш ҳукмига тобе бўлиб қолган инсонлар қисматини ифодаловчи ушбу асар мутолаасидан сўнг бугунги ўтаётган тинч -омон ҳаётингиз, фарзандларингиз бахти учун шукрона айтасиз. Асар айнан шу жиҳати билан қалбларга яқин.