«Анна Франк кундалиги» - жаҳон адабиётидаги энг машҳур кундалик-асарлардан бири бўлиб, унда ёш яҳудий қиз - Аннанинг Иккинчи Жаҳон уруши даврида ўтган икки йиллик яширинишдаги ҳаёти тасвирланган. Анна ва унинг оиласини концентрацион лагерьга олиб кетишганида, ушбу вайронкор даврларни ҳикоя қилувчи кундалик махфий бошпанада қолади. Уни эса оиланинг энг яқин дўсти Мип Гиз асраб қўяди ва кейинчалик Ҳолокостдан тирик қолган ягона оила аъзоси, Аннанинг отаси Отто Франкка топширади. Отто уни таҳрир қилади ва кундалик 1947 йилда илк бор голланд тилида китобхонлар қўлига етиб боради ва кейинчалик энг кўп таржима қилинган бестселлер асарга айланади. «Анна Франк кундалиги» шу пайтгача етмишдан ортиқ тилларга таржима қилинган ва ўттиз миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. Шунингдек, ушбу китоб жаҳон адабиётида «Инжил»дан кейин энг кўп мутолаа қилинган нобадиий асар ҳисобланади. «Анна Франк кундалиги» жуда кўплаб нашрлар томонидан ХХ асрнинг энг яхши китоблари ўнлигида эътироф этилган. Ушбу кундалик асосида бир неча саҳна асарлари ва фильмлар суратга олинган. Анна яширинган уй эса 1960 йилда унинг номидаги музейга айлантирилган.
Китоб мактуб ҳолида ёзилган бўлиб, унда ўсмир қиз Аннанинг ички кечинмалари, дунёга қандай назар билан боқиши акс этади. Китобни ўқир экансиз, қандай қилиб шўх-шодон, ўзини гапиришдан тиёлмайдиган қизалоқнинг икки йил давомида ташқи дунёдан йироқда, ўз туйғулари оғушида ҳаёт кечирганини билиб оласиз. Кундаликка Китти дея ном берган Анна, уни энг яқин дўсти сифатида қабул қилади ва бор ўй-ҳаёлларини у билан бўлишади. Бу китоб сизга Иккинчи жаҳон уруши даврида қирғинга учраган яҳудийлар ҳаётини, уларга қанчалик оғир бўлганини, ёш Анна, буюк ёзувчи бўлишни орзу қилган қиз нигоҳи билан кўриш имконини беради.
Даставвал Анна кундалигини фақат ўзи учун ёзган,1944 йилнинг баҳорида эса кутилмаганда радиода Нидерландия таълим вазири Болкенштейннинг бир эълонини эшитиб қолган. Вазир нидерландларнинг оккупация пайтидаги барча далилий ҳужжатлари миллий мулкга айланиши лозимлигини таъкидлаган. Унинг сўзларидан таъсирланган Анна уруш ниҳоясига етганидан кейин ўз кундалиги асосида китоб нашр этишга қарор қилган ҳамда баъзи жойларини қайта ёза бошлаган, нималарнидир ўзгартирган, ўзига қизиқ туйилмаган қисмларини олиб ташлаб, янгиларини қўшган.
Кундаликнинг иккинчи, қайта ишланган нусхасида Анна барча қаҳрамонларга, шу жумладан, ўзига ҳам махсус тахаллуслар ўйлаб топган. Дастлабки нашрда Отто Франк оила аъзоларининг ҳақиқий исмларини қолдириб, қолган тахаллусларни қисман сақлаб қолган. Кейинги нашрларда ҳақиқий исмлар ошкор қилинган, тахаллуслардан фақат Алберт Дюссел, Аугуста, Ҳерманн ва Питер Ван Даанлар сақлаб қолинган. Уларнинг ҳақиқий исмлари қуйида келтирилган.
Ван Пелслар оиласи: Аугуста, Ҳерман ва Питер Ван Пелслар бу китобда Петронелла, Ҳерман ва Питер Ван Даан сифатида тасвирланган. Фритз Пфеффер эса Алберт Дюссел тахаллуси остида тақдим этилган.