Ушбу китоб рус адиби Фёдор Достоевский қаламига мансуб "Униженые и оскорбленные" романининг Ҳабиба Зиёхонова томонидан "Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар" номи остида таржима қилинган кўринишидир.
Шуни билингки, бадиий асарни таржима қилиш (айниқса, туркий тилларга мансуб бўлмаган тилдан таржима қилиш) шу асарни қайтадан ёзиш билан тенг қийинчиликка эга. Шу тилдаги ибораларни, сўзларни, жумлаларни ёки мақол-маталларни маромига етказиб таржима қилиш жуда мушкул иш ҳисобланади.
Ўзбек китобхонларига тақдим этилаётган бу роман улуғ рус ёзувчиси Ф.М.Достоевскийнинг энг йирик асарларидан бири. Адиб рус подшоларининг пойтахти бўлган Петербург шаҳрининг энг қашшоқ , бахтсиз фуқаролари ҳаётини тасвирлайди, уларнинг олийжаноблигини, золим княз Валковский каби катта ер эгаларининг бераҳм, очкўзлигини чуқур бадиий воситалар билан кўрсатади.
Тўғри асар тили бирмунча қийинроқ, тушунилиши эса осон эмас. Лекин адибнинг ҳам маҳорати айнан шунда кўринади: асарни охиригача ўқисангизгина, адибнинг нима демоқчи эканлигини тушунасиз. Чунки олдинги саҳифаларда сизни нима кутаётганлигини айта олмайсиз, ҳар бир саҳифада, албатта кутилмаган, ҳолатга дуч келасиз...
Ушбу китоб илк бор ўзбек тилида 1966 йилда чоп этилган. Бу даврдаги нашрида айрим сўз ва жумлаларнинг маъноси изоҳланмаган ёки русча сўзлар, ёки байналмилал жумлалар орқали берилган эди. Бу ҳолат билан биз таржимонларни ёки ўша давр нашриёти ходимларини камситиш фикридан йироқмиз. Фақат ҳозирги давр китобхонларининг талаб ва илтимосларига асосан асар таржимасига қўшимча иқтибослар киритилди ва асар ҳозирги ўзбек адабий тили қоидалари асосида қайта таҳририланди.