Ёзги таътилнинг дастлабки ойини сеҳргарлар оламидан нарида, магл қариндошлари -Дурслларнинг уйида, қамоқда ўтиргандай дунёбехабар ўтказаётган Гарри билан унинг безори холаваччаси Дудлига кутилмаганда дементорлар ҳамла қилади. Табиийки, Гарри дементорга қарши қўлланиладиган, сеҳр-жодунинг энг олий даражасига мансуб афсунлар туркумига кирадиган, Ҳимоячи афсунини қўллашга мажбур бўлиб, ўзи билан дементор ўртасидаги тўсиқ вазифасини ўтайдиган моддий тусга эга Ҳимоячисини ҳосил қилади. Бироқ унинг ушбу иши 1875-йилда қабул қилинган "Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет"нинг қўпол равишда бузулиши сифатида таснифланиб, Сеҳргарлик вазирлиги томонидан интизомий жиҳатдан муҳокама қилинади ва Дамблдорнинг ҳимояси ҳамда Дурслларнинг мушукбоқар қўшниси, энди аниқланишича, табиатан швах бўлган Арабелла хоним Фиггнинг гувоҳлиги ила оқланади.
Шунингдек, Гарри ёзги таътилнинг қолган қисмини Лондоннинг Пинҳонийлик майдонида ўтказиб, Волдемортга қарши кураш олиб борадиган, Ёвуз Лорднинг режалари ҳаётга татбиқ этилиши, даҳшатли ниятларнинг амалга ошишига йўл қўймаслик чораларини кўриб борадиган Қақнус ордени ва унинг фаолияти билан танишади.
Бу йил мактабга сеҳргарлик вазирининг катта ўринбосари Долорес Жейн Амбриж ёвуз кучдан ҳимоя фанининг янги ўқитувчиси сифатида иш бошлайди. Кейинчалик "Хогварс"нинг бош инспектори этиб тайинланган ушбу бақа-аёл билан Гаррининг ўртасида кечган кескин муносабатлар,боланинг Ички кўришдай кечган тушлари, унда дам Ёвуз Лорднинг илони Нагайна, дам Волдемортнинг кўзи ила турли ҳодисаларни кузатиб бориши, Дамблдор армиясига асос солиниб, Гаррининг ушбу яширин жамиятдаги фаолияти, Сеҳргарлик вазирлигининг Сирли сеҳр бўлими тасарруфидаги Башоратлар залида шиша идишда сақланган башорат учун кураш каби ҳодисалар "Гарри Поттер" романлари туркумининг мазкур бешинчи қисмида баён этилган.