Тилланисо! Китобингизни ўқиб, ҳаётдан узилиб қолганми бу қиз деган ўйга бордим. Ноодатий тақдирлар, умрида изтиробдан бошқасини кўрмаган, изтиробдан бошқасини билмайдиган қаҳрамонлар шунчаки асар учун бир восита эканлигини, аслида, уларнинг қалби, уларнинг ўйи, уларнинг кечинмалари ва оғриқлари сизники эканлигини тушундим.
Муттасил қарама-қаршиликлар ичида яшаш юракка оғирлик қилади. Аммо китобхон сифатида англаганим, Тилланисо Лайло бўлиб, жаноб Д. бўлиб, руҳий хастахонада ётган мажруҳ қиз бўлиб қалбини оғриқлардан озод қилади.
Бошида Тилланисонинг ёзганларига қанчалик исён билан муносабатда бўлмайин, барибир унинг оғриқ ва изтироблари оҳанрабосидан қутулолмадим, талпинавердим.
Тилланисо ҳаётнинг кўзига тик қараган, одамлар руҳиятидаги муаммоларни ошкора тан олган ва бошқалар нима деб ўйлашларидан қатъи назар (мен буни мардлик деб атадим) фикрларини очиқ баён қилган.
Ва шундай ёш, мард ижодкорлар етишиб келаётганидан бошим кўкка етди.