Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор романлари, талай қисса, ҳикоя ва драмалари, фалсафий лирикаси, жаҳон адабиёти намуналаридан бадиий юксак таржималари билан ҳамда назариётчи сифатида ХХ аср ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган сўз санъаткоридир.
Ўзбекистон халқ ёзувчи Асқад Мухторнинг танланган асарлари биринчи жилдига адибнинг «Чинор» ва «Бухоронинг жинкўчалари» каби насрий асарлари киритилди. Ушбу асарларда Асқад Мухтор халқимизнинг босиб ўтган тарихий ўтмишини, унинг аниқ лавҳаларини тасвирлайди.
«Чинор» асари бир ўзбек оиласи ҳақида. Бу оила катта, қадимий, маданий, меҳнаткаш ва шу маънода «тагли-зотли». Унинг ҳар бир аъзоси халқ ҳаётида маълум бир масъулиятли юкни ўз зиммасига олган. Жонажон тупроққа чуқур томир ёйган, бақувват ва қадимий Чинор мангулик рамзи, халқимиз рамзидир.
«Бухоронинг жинкўчалари» - машҳур давлат арбоби Файзулла Хўжаевнинг ўсмирлик йиллари ҳақида. Бинобарин, ундаги воқеалар ХХ асрнинг бошида кечади. Лекин авторни кўпроқ ҳозирги замон муаммоларига ҳамоҳанг масалалар қизиқтиради. Бу муаммолар асосан ёшлар тарбиясига алоқадор: ижтимоий эътиқод, ҳаётда мурод-ниятлилик, катта мақсадлар йўлида шахсий манфаатлардан кеча билиш, шахс маънавияти, эл-юрт меҳри, унинг табиий замини ва етилиш шартлари каби масалалардир.
Танланган асарларининг иккинчи жилдига шеърлар, ҳикоялар, мақолалар, тундаликлар қамраб олинган бўлиб, адибнинг кўп қиррали ижодкор бўлганини кўрсатади. Китобнинг охирида Асқад Мухтор ҳақида унинг дўстлари ва ҳамкасбларининг хотиралари ўрин олган. Самимият ва меҳр билан битилган бу эсдаликларда адибнинг инсоний ва ижодий қиёфаси ёрқин гавдаланади.