Ҳар бир инсоннинг бармоғидаги чизиқлар ўзига хос бўлиб, бир-бирига ўхшаши учрамас экан. Дунёда шоирлар ҳам кўп, севиб ўқийдиган, дилда такрорлаб юрадиган шеърлар ҳам талайгина. Улар бир-биридан айро кўнгилларга нур каби илиқлик олиб киради. ҳаловат, таскин бахш этади. Ҳар бир шоирнинг ўз салоҳияти, ўз мавзуси, ўз услуби бор. Шу боис, сўз турфа рангларда жилоланиб, унинг жозибаси қалбларни мавжлантириб туради. Шеърни ўқиган сайин ўқигинг келаверади.
Фахриддин Ҳайитнинг "Тонг тушлари" номли янги тўпламидан жой олган шеърларида инсон оламининг турфа тимсолини руҳан англагандек бўласиз. Гоҳ жўшқин, гоҳ ҳазин, гоҳ исёнли, гоҳ сокин ҳиссиётлар билан қалб манзилларига етасиз. Манзаралар, гўзал ташбеҳлар, севги ва соғинч, Ватан ва тасаввур, маъно ва руҳият, ҳаёт ва эрк, ҳаловат ва изтироб каби кўнгил кечинмалари мисраларда ўз аксини топган.
Ҳар бир шеърда шоир ўз қарашларини, ўзи топган ечим ва хулосаларини тўла-тўкис беришга интилган. Ўзи англаган дунёни кўрсатиб бера олган. Ўйлаймизки, ижодкорнинг шеърлари Сиз азиз ўқувчининг кўнгил мулкингизга айланади.